HISTORY OF ESTABLISHMENT OF MEDICAL INSTITUTIONS IN THE VILLAGES OF FERGANA REGION IN THE EARLY XIX - XX CENTURIES
HISTORY OF ESTABLISHMENT OF MEDICAL INSTITUTIONS IN THE VILLAGES OF FERGANA REGION IN THE EARLY XIX - XX CENTURIES
Azizbek Badalov
Basic doctoral student of Andijan State University,
Uzbekistan, Andijan
XIX – XX АСР БОШЛАРИДА ФАРҒОНА ВИЛОЯТИ ҚИШЛОҚЛАРИДА ТИББИЁТ МУАССАСАЛАРИНИНГ ТАШКИЛ ЭТИЛИШИ ТАРИХИДАН
Бадалов Азизбек Абдумаликович
Андижон давлат университети таянч докторанти,
Ўзбекистон, Андижон
ABSTRACT
This article analyzes the establishment of European-style medical institutions and hospitals in Turkestan in the late XIX - early XX centuries, in particular in the Fergana region, the state of medical services to the population, the first medical centers in rural areas and their activities based on historical sources and archival materials.
АННОТАЦИЯ
Ушбу мақолада XIX аср охири – XX аср бошларида Туркистон ўлкаси, хусусан, Фарғона вилоятида европа типидаги тиббиёт муассаса ва шифохоналарининг ташкил этилиши, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ҳолати, қишлоқларда ташкил қилинган дастлабки врачлик пунктлари ва уларнинг фаолияти тарихий манбалар ва архив материаллари асосида таҳлил қилинган.
XIX асрнинг 60-йилларидан бошлаб, Туркистон ўлкасидаги тиббий ҳолатни назорат қилиш, маҳаллий аҳоли ўртасида эпидемик касалликларга қарши курашиш ва олдини олиш мақсадида европача тиббиёт муассасалари ташкил қилина бошланди. 1882 йилда Фарғона вилоятида 7 та, жумладан, Янги Марғилонда (ҳозирги Фарғона) 20 ўрин, Марғилонда 15 ўрин, Қўқонда 20 ўрин, Чустда 5 ўрин, Наманганда 10 ўрин, Андижонда 15 ўрин ва Ўшда 5 ўрин, жами 90 ўринга эга бўлган даволаш муассасалари фаолият кўрсатган. Шу йилнинг ўзида ушбу тиббиёт муассасаларида 1390 нафар киши тиббий хизматдан фойдаланиб, уларнинг 1325 нафари тўлиқ соғайиб кетган[1].
1886 йил 30 сентябрда “Фарғона вилояти шаҳар касалхоналари тўғрисида” ги Низом қабул қилиниб, Қўқон, Андижон, Наманган, Ош ва Янги Марғилон (ҳозирги Фарғона) шаҳар касалхоналари ҳамда Марғилон ва Чуст шаҳарларида тиббий кўрик муассасалари ташкил этилган[2]. Бу касалхоналарда ўткир ва сурункали касалликларга чалинган маҳаллий ва епропа миллатига мансуб аҳоли қабул қилиниб, уларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва тиббий маслаҳат ҳамда дори-дармонлар бериш бепул тарзда амалга оширилган. Шаҳар касалхоналарининг штатлари ва моддий таъминоти касалхона жойлашган уезд аҳолисининг сони ва уезд хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда белгиланган. Жумладан, Қўқон ва Наманган шаҳарларида касалхона 20 ўринга эга бўлса, Андижон ва Ўш шаҳарларида 15 ўринга эга бўлган. Янги Марғилон шаҳри касалхонаси эса эркаклар учун 20 ўрин, аёллар учун 15 ўрин мўлжалланган.
XIX асрнинг 80-йилларидан маҳаллий аҳоли менталитетидан келиб чиққан ҳолда, аёллар ва болалар учун мўлжалланган шифохоналар очила бошлаган. Фарғона вилоятида аёллар ва болалар учун мўлжалланган биринчи шифохона Қўқон шаҳрида очилган. Кейинчалик Андижон (1888 й.), Наманган (1889 й.), Марғилон (1891 й.) шаҳарлари ҳам бундай шифохоналар фаолият юрита бошлади.
Туркистон генерал-губернатори Кенгашининг 1898 йил 3 декабрдаги Туркистон ўлкасида тибиёт соҳасини ривожлантириш бўйича ўтказилган йиғилишида қишлоқ жойларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш масаласи кўриб чиқилиб, қишлоқларда врачлик участкалари ташкил қилиш масаласи илгари сурилган. Қишлоқ-врачлик участкаларини ташкил этиш масаласи етти йил давомида муҳокама қилиниб, 1905 йил 26 декабрда Сирдарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида (олтитадан ётоқ ўрнига эга бўлган участка шифохоналари) 44 нафар участка шифокорлари лавозими таъсис этилди. Участка шифокорларининг зиммасига ўзларига бириктирилган участка аҳолисига тиббий ёрдам кўрсатиш, чечакка қарши эмлашни оммалаштириш ҳамда маҳаллий аҳоли орасидан чечакка қарши эмловчи ўқувчиларни тайёрлаш тайёрлаш мажбурияти юклатилган. Туркистон Округи ҳарббий-тиббиёт бошқармаси шифокори ва фельдшери лавозимлари ва амбулатор фельдшерлик пунктлари тугатилган. Уезд шифокори, фельдшери ва акушер аёл лавозимлари сақлаб қолинган. Участка врачининг моддий таъминоти йиллик 2200 рубл, участка фельдшери – йиллик 408 рубл, участка фельдшер аёли – йиллик 722 рубл этиб белгиланган. Вилоят бошқармалари таркибида йиллик 1530 рубл маош тўланадиган қишлоқ-тиббиёт бўлими бўйича иш юритувчи лавозими, йиллик 2200 рубл маош тўланадиган вилоят бўйлаб сафар қилувчи шифокор лавозими, икки нафар йиллик 408 рубл маош тўланадиган фельдшер лавозимлари таъсис этилган[3].
Дастлаб, қишлоқ врачлик участкалари шифокорлари сифатида фақат эркак шифокорларгина фаолият юритган бўлса, кейинчалик, аёл шифокорлар ҳам бу вазифага тайинлана бошлаган. Жумладан, 1907 йилда Фарғона вилоятидаги қишлоқ тиббий пунктлари шифокорларининг 8 нафари алмаштирилиб, шундан икки нафари – Чияли ва Асака пунктларига участка шифокори сифатида аёл шифокорлар тайинланган. Аёл шифокорлар тайинланган участкаларда амбулатор ва стационар тарзда даволаниш мақсадида маҳаллий аёллар бажонидил мурожаат қила бошлаган. [4].
1907-1912 йиллар давомида инженер Гейнцельман томонидан ишлаб чиқилган ва кейинчалик маҳаллий шароитларга мос равишда қайта ишланган лойиҳа асосида қишлоқ участка шифохоналари барпо этилган. Фарғона вилоятида дастлаб 5 та: Скобелев уездининг Шахрихон, Рус қишлоғи, Чимён, Андижон уездининг Избоскан уездида Избоскан, Наманган уездининг Заркент қишлоқларида участка шифохоналари қурилиб, қишлоқ аҳолисига стационар тиббий хизмат кўрсатила бошлаган. Шифохоналарнинг қурилишига Шахрихонда 34080 рубл, Рус қишлоғида 34882 рубл, Чимёнда 33845 рубл, Избосканда 32666 рубл ва Заркентда 31246 рубл маблағ сарфланган. Бундан ташқари Андижон уездининг Бозоқўрғон қишлоғидаги участка шифохонасини қуришга 30339 рубл ажратилиб, қурилиш ишларига киришилган. Айрим қишлоқларда шифохона қурилишига мос жой топилмаганлиги учун участка шифохоналари бошқа қишлоқларда барпо этилган. Хусусан, Чимён участка шифохонаси Водилга, Қува участка шифохонаси Шахрихонга, Асака участка шифохонаси Қувага, Ашт участка шифохонаси Заркент қишлоқларига кўчирилган. 1913-1915 йилларда қолган 10 та қишлоқ участка шифохоналари ва 16 та қишлоқ тиббий участкаларида тиббиёт ходимларига турар жой қуриш мақсадида қуйидаги ҳисобдаги маблағлар йўналтирилган:
- Скобелев уезди бўйича: Шахрихон участкасида тиббиёт ходимларига турар-жой қуриш учун 19069,22 рубл; Чимён участкасида шу иш учун 18994,76 рубл, Рус қишлоғида эса 19069 рубл;
- Қўқон уезди бўйича: Риштон участка шифохонасини қуришга 35214,48 рубл, участка тиббиёт ходимлари учун турар-жойлар қуришга 17873,38 рубл; Исфара участка шифохонасини қуришга 34959,37 рубл, участка тиббиёт ходимлари учун турар-жойлар қуришга 18159 рубл; Бешариқ участка шифохонасини қуришга 34933,83 рубл, участка тиббиёт ходимлари учун турар-жойлар қуришга 17791,57 рубл;
- Андижон уезди бўйича: Бозорқўрғон участкасида тиббиёт ходимларига турар-жой қуриш учун 20312,57 рубл; Избоскан участкасида шу иш учун 19816,32 рубл; Қўрғонтепа участка шифохонасини қуришга 35755,46 рубл, участкасида тиббиёт ходимларига турар-жой қуриш учун 20000,45 рубл; Жалолобод участка шифохонасини қуриш учун 36607,28 рубл, участка тиббиёт ходимлари учун турар-жойлар қуришга 21155,50 рубл;
- Наманган уезди бўйича: Чортоқ участка шифохонасини қуришга 41328,05 рубл, тиббиёт ходимларига турар-жой қуриш учун 21133,71 рубл; Косон участка шифохонасини қуришга 41619,26 рубл, участкасида тиббиёт ходимларига турар-жой қуриш учун 21501,84 рубл; Поп участка шифохонасини қуришга 34709 рубл, участкасида тиббиёт ходимларига турар-жой қуриш учун 18554,99 рубл; Заркент участкасида участкасида тиббиёт ходимларига турар-жой қуриш учун 21869,86 рубл;
- Ош уезди бўйича: Покровский участка шифохонасини қуришга 36556,47 рубл, участкасида тиббиёт ходимларига турар-жой қуриш учун 19387, 83 рубл.
Мазкур участка шифохоналарининг ҳар бири учун 2900 рубл миқдорида тиббиёт ва хўжалик ашёларини сотиб олинган. Дори-дармон ва боғлов материаллари учун белгиланган тартибда ҳар бир тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилувчига 5 копеекдан ажратилган[5].
Шифохоналар сонининг чекланганлиги қишлоқларда тиббиёт соҳасида амалга оширилган ислоҳотларнинг асосий камчиликларидан бири бўлган. Аҳоли нуфуси 4 миллиондан ошаётган Туркистон ўлкаси учун 44 та, жумладан, Фарғона вилоятида 16 та участка шифохонаси умуман етарли бўлмаган. Бунинг устига участка шифохоналарида стационар даволаниш имкони бўлмаган, қиш ойларида беморлар ноиложликдан тор, совуқ, зах ва яхши ёритилмаган хоналарда қабул қилинган.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки XIX – XX аср бошларида Туркистонда аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида европача тиббиёт муассасалари ташкил қилина бошланган бўлсада, уларнинг аҳоли нуфусига нисбатан етарли эмаслиги, малакали тиббиёт ходимларининг етишмаслиги, молиявий қўллаб-қувватлашнинг заифлиги туфайли тиббиёт соҳасида ривожланиш жуда секинлик билан кечган. Бунинг натижасида узоқ йиллар давомида қишлоқ аҳолиси малакали тиббий ёрдам олиш имкониятига эга бўлмаган. Тиббиёт муассасаларида стационар шаклда даволаниш имкониятининг чекланганлиги, уларнинг моддий-техник жиҳатдан яхши таъминланмаганлиги туфайли аҳолига асосан амбулатор тиббий хизмат кўрсатишга мажбур бўлинган.
Фойдаланилган адабиёт ва манбалар:
- Ўзбекистон миллий архиви, И.19-жамғарма, 1-рўйхат, 908-иш, 28-варақ.
- Ўзбекистон миллий архиви, И.19-жамғарма, 1-рўйхат, 28641-иш, 33-34-b
- Местная известия // Туркестанские ведомости. 1906. № 14.
- Туркестанские ведомости. 1907. № 32.
- Ўзбекистон миллий архиви, И.19-жамғарма, 1-рўйхат, 33062-иш, 2-3-bet