ЛИСОНИЙ ШАХС, МАДАНИЯТ ВА ТИЛНИНГ ЎЗАРО АЛОҚАСИ ВЗАИМОСВЯЗИ ЯЗЫКОВОЙ ЛИЧНОСТИ, КУЛЬТУРЫ И ЯЗЫКА

Опубликовано в журнале: Научный журнал «Интернаука» № 16(192)
Рубрика журнала: 18. Филология
DOI статьи: 10.32743/26870142.2021.16.192.267863
Библиографическое описание
Бахронова Д., Курбaнова З. ЛИСОНИЙ ШАХС, МАДАНИЯТ ВА ТИЛНИНГ ЎЗАРО АЛОҚАСИ ВЗАИМОСВЯЗИ ЯЗЫКОВОЙ ЛИЧНОСТИ, КУЛЬТУРЫ И ЯЗЫКА // Интернаука: электрон. научн. журн. 2021. № 16(192). URL: https://internauka.org/journal/science/internauka/192 (дата обращения: 22.12.2024). DOI:10.32743/26870142.2021.16.192.267863

ЛИСОНИЙ ШАХС, МАДАНИЯТ ВА ТИЛНИНГ ЎЗАРО АЛОҚАСИ

 

Бахронова Дилрабо

PhD, доцент Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети,

Ўзбекистон, Тошкент

Курбанова Зиёда

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети тадқиқотчиси,

Ўзбекистон, Тошкент

 

АННОТАЦИЯ

Лингвокультурологик тадқиқотлар таърифда келтирилган барча турмуш сатҳларини ўз ичига олган ҳолда, тилшуносликнинг мустақил тармоғи сифатида жадал ўрганилмоқда. Маълумки, тил пайдо бўлиши билан шаклланган ғоялар остида инсон ва унинг манфаатлари тасвирланган. Минг йиллардан буён яшаб келаётган метафора, паремия ва иборалар ҳам муайян халқнинг тил ва маданияти кўзгусидир.

АННОТОЦИЯ

Лингвокультурологические исследования интенсивно изучаются как самостоятельная отрасль лингвистики, охватывающая все уровни жизни, описанные в определении. Хорошо известно, что человек и его интересы описываются идеями, сформировавшимися с появлением языка. Метафоры, паремы и фразы, существующие на протяжении тысячелетий, также являются зеркалом языка и культуры конкретной нации.

 

Калит сўзлар: рамз, лисоний шахс, лингвомаданиятшунослик, маданий код.

Ключевые слова: символ, языковая личность, лингвокультурология, культурный код.

 

Кейинги йилларда дунё тилшунослик фанида муайян халқнинг тили, маданияти ва тарихи билан узвий боғлиқлигига асосланган тадқиқотларнинг асоси лингвокультурология ҳисобланиб, унга тилшунослар берган қуйидаги таърифларни келтириб ўтиш мумкин: а) Э.Сепир ва Б.Уорф фикрича, лингвокультурология «тилдаги маданий қадриятларнинг тизим сифатида акс этган объектларини назарий ва тавсифий жиҳатдан яхлит ўрганишни, лингвистик нисбийлик назарияси асосида турли тиллар (халқлар) лингвокультурологик сатҳида контраст таҳлил қилишни ўзида акс эттиради»; б) В.Маслова лингвокультурологияни “тилшунослик ва маданиятшунослик туташиши натижасида пайдо бўлган лингвистик тармоқ сифатида кўради, маданиятшунослик ва тилшунослик, этнолингвистика ва маданий антропология соҳалари тадқиқотларини ўз ичига олган комплекс майдон сифатида” таърифлайди. Шунингдек, олима, “лингвомаданиятшунослик – миллий жонли тилни ўзида мужассамлантирган ва тил жараёнларида намоён бўладиган моддий-маънавий маданиятни ўрганадиган ижтимоий фан, (…) маданиятшунослик ва тилшунослик, этнолингвистика ва антропологияга оид тадқиқотлар натижасини ўз ичига оладиган билимларнинг интегратив жамланмасидир” (3, Б. 9, 13-15), деб ёзади.

c) В.В.Воробьев фикрича, лингвокультурология “комплекс илмий фанларнинг умумлашма типидир, у жараёндаги тил ва маданиятнинг ўзаро муносабати ва ўзаро боғлиқлигини ўрганади ҳамда бу жараён ҳозирги устувор ҳамда маданият (умуминсоний қадриятлар ва нормалар) тизимига асосланган ҳолда турли усуллар ёрдамида лингвистик ва экстралингвистик бирликларнинг бир бутунликда намоён бўлишидир” (2, Б. 36-43). Лингвокультурологияга тадқиқотчилар (тилшунослар, маданиятшунослар, антропологлар, файласуфлар, этнографлар ва бошқалар) турлича таъриф берганлар. Юқоридаги ва бошқа таърифларга таянган ҳолда айтиш мумкинки, лингвокультурология жараёндаги тил бирликларини инсон, тил, маданият кесимида олиб ўрганувчи тилшуносликнинг мустақил соҳасидир. Демак, бирор хорижий тилни ўрганаётганда, у ёки бу тилда тадқиқот олиб бораётганда ўша тил эгаларига хос маданиятни қиёсан чоғиштириб ўрганамиз, тадқиқ қиламиз (8, Б. 221). Тилсиз маданият мавжуд бўлмайди, маданиятсиз тил ривожланмайди, маданиятни тилдан фойдаланувчи инсон яратади. Шу сабабли ҳозирги тилшунослик фани олдида турган долзарб муаммолардан бири инсон, тил ва маданият учлигининг ўзаро муносабатини ўрганишдир. С.Тер-Минасованинг фикрича: “Тил – маданият кўзгуси, унда халқнинг ўз-ўзини англаши, менталитети, миллийлиги, ҳаёт тарзи, анъаналари, урф одатлари, ахлоқий меъёрлари, қадриятлар тизими, дунёқараши, оламга муносабати акс этади” (5, Б. 14). Д.Бахронованинг фикрича, оламнинг лисоний манзараси дунёнинг мантиқий инъикоси билан мослашган ҳолда, турли хилдаги билвосита идрок этиш шаклларига боғлиқ ҳосилалар мажмуини ўз ичига олади (7, Б. 240). Масалан, ҳар бир тилдаги метафоралар ўзига хос бўлиб, улар сўзлашувчилар билими ҳамда этнос турмуш тарзининг ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқдир. Жумладан, антропоцентрик метафораларни ҳар бир миллат мақол, матал ва афоризмларида, кундалик ҳаётдаги суҳбатларда қўлланилиши муайян этносгагина тушунарли сифатларни, миллий-маданий белгили кодларни англатиб келади.

Когнитолгияга кўра, инсон ахборотни қайта ишлаш тизими сифатида ўрганилиши ва инсоннинг хатти-ҳаракатлари унинг ички ҳолатлари нуқтаи назаридан тавсифланиши ва тушунтирилиши керак. Ушбу ҳолатлар жисмонан намоён бўлади, кузатилади ва муаммоларни оқилона ҳал қилиш учун маълумотларни қабул қилиш, қайта ишлаш, сақлаш, сўнгра сафарбар қилиш сифатида талқин этилади. Бу муаммоларни ҳал қилиш бевосита лисон ва лисоний шахсга боғлиқ бўлганлиги сабабли, инсон-тил-маданият трилемаси когнитив ва лингвокультуролог олимлар диққат марказида қолмоқда. Лисоний шахс муаммоси XX аср охири XXI аср бошига хос антропоцентрик оқимнинг когнитология ва лингвокультурология соҳасида долзарб муаммо сифатида илгари сурилди (9, Б. 15-18). Бу масала рус тилшунослигида языковая личность, испан тилида Personalidad Lingüística, инглиз тилида  Linguistic Personality, турк тилшунослигида Dil Kişiliği ва ҳоказо тилларда турли терминларда фаол ўрганилмоқда, тадқиқ этилмоқда.

В. Маслованинг фикрича маданиятнинг асосий тушунчалари олам манзарасининг асосий бирликлари, маданиятнинг константалари деб номланади, улар лисоний шахс учун ҳам, умумлисоний маданий ҳамжамият учун ҳам аҳамиятга эга (4, Б. 4).

Олимлар лисоний шахс моделида учта даражани ажратиб кўрсатадилар:

1. Баҳоловчи-аксиологик даража: у ҳар бир предметни тарбиялаш ва ўқитиш жараёнида шаклланади ва маъно ёки маъноларнинг ҳар бирининг ҳаётига боғлайдиган ахлоқий тамойиллар тизимини ишлаб чиқаради. Бу орқали лисоний шахс ўзининг миллий характерини шакллантирадиган маънавий тимсолларга эга бўлади.

2. Миллий-маданий даража: шахсни ўраб турган маданий элементларни, вербал ва новербал хатти-ҳаракатларда етарли ва самарали фойдаланиш қоидалари ва анъаналарини эгаллашдан иборат.

3. Шахсий-хусусий даража: у ҳар бир инсон шахсиятининг барча хусусиятларини ўз ичига олади.

Лисоний шахс макроконцептини тўлиқ англаш учун унинг периферияси турли микроконцептлар орқали даражаланиб тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, ўзбек лисоний шахсини очиб беришда миллий-маданий белгилар муҳим ҳисобланиб, уларни билдириб келувчи рамзлар кўпмаъноли ҳисобланади. Масалан, кўнгил қадимдан ҳаёт рамзи, ҳиссиёт, кечинмаларни ифодалаш манбаи рамзи бўлиб келган: кўнгли очиқ, кўнглим қаттиқ оғриди, кўнглимга оғир ботди, кўнглим сезувди, кўнгилдагидек адо қилмоқ. Кўнгилга синоним сифатида юрак, қалб, дил лексемалари қабул қилинади ва қуйидаги рамзий маънолар кузатилади: юраги сезмоқ, юраги дук-дук урмоқ (ҳаяжонланмоқ), юрак – кўнгил уйи, юраги тоза, қалби тоза, дили пок, дилтортар каби. Кўнгил концептини ўрганганда луғатларда ўзбек миллий-маданий хусусиятларини ўзида жамлаган этник лисоний шахсга хос ҳиссиётларни билдириб келувчи иборалар кўплаб топилади:

Кўнгил бермоқ меҳр қўймоқ. Кўнгил ёрмоқ Дилидага гапларни айтмоқ. Кўнгил овламоқ 1) ўзига мойил, ром қилишга интилмоқ. 2) бировни хурсанд қилишга, кайфини чоғ қилишга ҳаракат қилмоқ. Кўнгил сўрамоқ Киши бошига бирор мусибат ёки ташвиш тушганда, ундан ҳол-аҳвол, кайфият ва ш. к. ҳақида сўрамоқ. Кўнгил узмоқ Баҳридан ўтмоқ, кечмоқ, ажралмоқ. Кўнгил учун Ҳурмат юзасидан; ҳеч бўлмаса, шунчаки, тил учида. Кўнгил хуши Ўзининг хурсандлиги, вақтичоғлиги учун хизмат қиладиган иш-ҳаракат ёки нарса; хурсандлик, вақти-чоғлик воситаси. Кўнгил қўймоқ (ёки бермоқ) Меҳр-муҳаббат боғламоқ, севмоқ. Кўнгилга тугмоқ бирор нарсани қилишни ният қилиб қўймоқ. Кўнгли айнимоқ беҳузур бўлмоқ. Кўнгли бор хоҳиши, майли бор; мойил. Кўнгли бузилмоқ Кайфияти бузилмоқ; қаттиқ хафа бўлмоқ, қайғуга чўммоқ; дили оғримоқ. Кўнгли бузуқ 1) фикри, нияти ёмон, ёмонлик қилишни ўйловчи; 2) ғамгин, руҳан эзилган, кўнгли яримта. Кўнгли бўлмаслик Кўнглига тўғри келмаслик, бирор ишни бажаришга ботина олмаслик; маъқул кўрмаслик. Кўнгли бўшамоқ Ғам-ташвишдан енгилланмоқ, кўнгли ёришмоқ. Кўнгли жойига тушмоқ Хотиржам бўлмоқ, тинчланмоқ; таскин топмоқ. Кўнгли йўқ 1) майли, хоҳиши йўқ; мойил эмас, истамайди. 2) яхши кўрмайди, севмайди. Кўнгли кенг 1) ҳар нарсага сиқилавермайдиган, ташвиш тортавермайдиган. 2) олиҳиммат, саховатли ва ҳ.к (6, Б. 457).

Ушбу концепт ифодалаб келувчи иборалар орасида синонимия ёки антонимия ҳодисаси учраши қизиқарли фактдир:

Оқ кўнгил – кўнгли оқ (синонимия);

Кўнгли совимоқ – кўнгли қолмоқ (синонимия);

Кўнгли оқ – кўнгли қора (антонимия);

Кўнгли йўқ – кўнгли бор (антонимия);

Кўнгли тор – кўнгли кенг (антонимия) ва ҳ.к.

Инсоннинг ички олами – кўнгил макроконцептига тил соҳиблари хотирасида борлиқ ҳақидаги одатий тасаввурлар кўринишида сақланиб қолган компонентлар киритилган. Одатда макроконцептлар йиғиндиси ташқи ва ички борлиғимиз тўғрисидаги прототипик билимларни мустаҳкамлайди, бу билимларда оламнинг у ёки бу фрагментлари тўғрисидаги асосий ахборот мажмуи сақланади. Лекин мазмун концептуал тузилма билан боғланади, бу эса концептни лисоний ифода орқали реконструкция қилиш имконини беради.

Бугун барча соҳаларда ренессанс сўзи фаол қўлланилмоқда. Ренессанс термини французча Renaissance, италянча Rinascimento лотинча renasciсўзларидан “қайта туғилиш, уйғониш” деган маънони беради (10). Европа маданиятида Ўрта асрлардаги ривожланиш ва маърифатпарварлик даври шундай номланди. Уйғониш даврининг ўзига хос хусусияти маданиятнинг дунёвий табиати, унинг инсонпарварлиги ва антропоцентризмлик хусусиятга эга бўлганлигидир. Замонавий тилшуносликда ҳам янги даврга хос этник ренессанс шунга олиб келдики, илм-фанда энг долзарб ва мунозарали масалалар этник ва ижтимоий ўзига хослик ва ўзини ўзи англаш масалаларидан иборат бўлиб қолди. Илмий изланишга хос мантиқ лисоний идентиклик, тилнинг этногенез жараёнидаги ўрни муаммосига эътибор қаратишни талаб қилди. Шу билан бир вақтда лисоннинг аҳамиятини этник маданиятга мурожаатсиз аниқлаш мумкин эмас.

Муайян маданиятга хосликни ўрганиш ўша маданиятга тегишли тилнинг қирраларини очиб беради. Олимларнинг фикрларини ўрганиб тилнинг этноижтимоий жараёнлардаги ролини қуйидагича талқин этиш мумкин:

1) тил – этномаданий ривожланишнинг “асосий шарти”;

2) тил – тараққиёт ҳосиласи;

3) тил – этник маданиятнинг мазмуни ташувчиси;

4) тил – инсоннинг ижтимоий табиатини ифодалаш воситаси;

5) тил – маданиятнинг очқич калити ёки кодировкаси ва ҳоказо.

Ушбу барча қарашларни миллий-маданий ҳолатдан туриб тизимлаганда, у тилни маданият феномени ва энг муҳим авлоддан авлодга ташувчи омил сифатида кўриб чиқиш имконини беради. Шу боисдан тилнинг этник маданият базавий элементи сифатидаги ҳар томонлама лингвистик таҳлили, унинг ўша халққа хос барча белгилар тизимидаги ўрнини англаш зарур.

Оламнинг миллий манзараси тил, дин, адабиёт орқали ифодаланади, у инсонларнинг хатти-ҳаракатлари орқали намоён бўлади, улар томондан ўз хатти-ҳаракатларининг изоҳланиши эса ушбу этносга хос маданий қолип (стереотип) тушунчаларни акс эттиради. Оламнинг бу манзараси этник барқарор қадриятлар, тамойиллар, анъаналар, ҳаёт, олам ҳақидаги тасаввурлардан иборат. Оламнинг миллий манзараси ўзгарувчан – у фан ва техника тараққиёти, бошқа халқлар билан маданий алоқалар, ижтимоий ўзгаришлар туфайли тўлиб ва кенгайиб боради, бироқ, тил, маданият ва дунёқарашнинг ўзига хослигини акс эттирувчи ядроси ўзгармайди.

Инсонга ҳаётнинг ўзи энг моҳир муаллимлик вазифасини ўтайди. Ҳаёт давомида олинган билим ва тажриба тезаурусда тўпланади. Синовлардан муваффақиятли ўтган, сараланган билим тафаккурда илмий собитлашади. Демак, билим-тажриба-илм учлиги, бир умр синалиб энг зарурийлари концентрат бўлиб инсон тафаккури ва генида яшаб қолади, авлоддан авлодга ўтади.

 

Адабиётлар рўйхати:

  1. Бахронова, Д. К. Метафоры в языковой картине мира (на материале английского и испанского языков) / Д. К. Бахронова, З. Д. Рахимжонова. — Текст : непосредственный // Молодой ученый. — 2020. — № 1 (291). — С. 225-228. — URL: https://moluch.ru/archive/291/65803/ (дата обращения: 27.04.2021).
  2. Воробьев В. В. Лингвокультурология: теория и методы. ‒ М., 1997. ‒ С. 36-43.
  3. Маслова В. А. Лингвокультурология. ‒ М.: Академия, 2001. – 183 с.
  4. Маслова В.А. Когнитивная лингвистика. – Минск: ТетраСистемс, 2008. – 272 с.
  5. Тер-Минасова С. Г. Язык и межкультурная коммуникация. ‒ М., 2000. ‒ С. 14.
  6. Ўзбек тилининг изоҳли луғати. 2-том. – Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2006.
  7. Bakhronova, D. (2021). Words and culture. Language, globalization and interculturality. Religación. Revista De Ciencias Sociales Y Humanidades, 6(27), 239-246. https://doi.org/10.46652/rgn.v6i27.781
  8. Bakhronova, D., Abduvakhitovna, M. D., Rustamovna, K. F., et al. (2019). Peculiarities of intercultural competence in teaching foreign languages. Religación. Revista De Ciencias Sociales Y Humanidades, 4(18), 221-224. https://doi.org/10.46652/rgn.v4i28.423
  9. Drosdov Diez, T. (2003): “La personalidad lingüística y el análisis del texto. Reflexiones en tomo de una experiencia docente”, Eslav. Complut, 3: p. 5-27
  10. Elektron manba: https://www.etymonline.com/search?q=renaissance