ТАДБИРКОРЛИК ФАОЛИЯТИДА "ЭЛЕКТРОН ТИЖОРАТ" НИНГ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ

Опубликовано в журнале: Научный журнал «Интернаука» № 17(193)
Рубрика журнала: 23. Юриспруденция
DOI статьи: 10.32743/26870142.2021.17.193.270733
Библиографическое описание
Yusupov S.B. ТАДБИРКОРЛИК ФАОЛИЯТИДА "ЭЛЕКТРОН ТИЖОРАТ" НИНГ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ // Интернаука: электрон. научн. журн. 2021. № 17(193). URL: https://internauka.org/journal/science/internauka/193 (дата обращения: 22.12.2024). DOI:10.32743/26870142.2021.17.193.270733

ТАДБИРКОРЛИК ФАОЛИЯТИДА "ЭЛЕКТРОН ТИЖОРАТ" НИНГ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ

 

Юсупов Сардор Баҳром ўғли

Тошкент давлат юридик университети, Бизнес ҳуқуқи йўналиши магистранти,

Ўзбекистон, Тошкент

 

Тадбиркорлик жамиятда ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги мавжуд муаммоларни ҳал қилишда ва жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётида катта роль ўйнайди. У ишлаб чиқариш, иш бажариш, хизмат кўрсатиш соҳаларида янги иш ўринлари яратиб, аҳолини иш билан таъминлаш ва ишсизликни камайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Ривожланган мамлакатларда ҳам, Ўзбекистонда ҳам ҳар йили яратилаётган янги иш ўринларининг ярмидан ортиғи кичик ва хусусий тадбиркорликка тўғри келади. Демак, тадбиркорлик аҳолининг иш билан бандлиги, меҳнат ва иқтисодий фаоллигининг ўсиши ва бунинг натижасида унинг даромадларининг ошишига катта ҳисса қўшади. Бу жараённинг икки оқибатини эътиборга олиш лозим: бир томондан, аҳолининг моддий ва маънавий эҳтиёжларининг ўсиши, кенгайиши бўлса, иккинчи томон­дан, уларни тўлароқ қондириш имкониятларининг яратилишидир. Бу пировард натижада аҳоли ҳаётини яхшилаш, турмуш даражасини кўтариш, фаровонлигини оширишни таъминлайди. Тадбиркорликнинг ривожланиши билан унинг мазкур соҳадаги роли ортиб боради.

Ўзбекистон Республикасининг 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини –Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили‖да амалга оширишга оид давлат Дастурининг 122-бандида амалга ошириладиган тадбирлар сифатида нақдсиз ҳисоб-китоблар ҳажми ва қамровини ошириш, шу жумладан, иқтисодиѐт соҳаларида тўловларнинг замонавий электрон шаклларини жорий этиш ва тадбиркорлик субъектларини рағбатлантириш, шунингдек, банкдан ташқари айланишини қисқартириш бўйича Комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилган бўлиб, шулардан бири сифатида валюта ва солиқ назоратини соддалаштиришни ўз ичига олган электрон тижоратни ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича чора-тадбирлар белгиланган.

Тадбиркорларнинг маълум қисми оёққа туриб, янада ривожланиши оқибатида улар мулкдорларга айланадилар. Бу эса жамиятда янгича ликрлайдиган, ҳаракат қиладиган янги авлод-тадбиркорлар, мулкдорлар табақасининг шаклланишига олиб келади. Бундай шахслар давлатнинг иж­тимоий таянчи ва иқтисодий тараққиёт манбайи ҳисобланади.Мамлакатимизда коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича барча чоралар кўрилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 19 март ва 3 апрель кунлари қабул қилинган фармонларида бу борада кўплаб имтиёз ва преференциялар белгиланди.

Хусусан, тадбиркорлар ва аҳолининг жами 19,5 триллион сўмлик кредит қарзларини тўлаш муддати 1 октябргача кечиктирилади. Албатта, бу уларга карантин шароитида катта мадад бўлади. Лекин, шу билан бирга, молия-кредит муассасаларига тушадиган маблағ камайишини ҳам назардан қочириб бўлмайди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркий тилли давлатлар Ҳамкорлик кенгашининг навбатдан ташқари саммитида сўзлаган нутқида, коронавирус пандемияси пайтида давлатлар олдиларига қўйилган вазифаларни, қуйидаги йўналишлар асосида олиб бориши мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидлаб ўтди, яъни:

- пандемиянинг кенг тарқалишининг олдини олиш, одамларнинг соғлиғи ва ҳаётини ҳимоя қилиш бўйича таъсирчан ҳамда кенг қамровли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

- ушбу хавф-хатарнинг давлатларимизнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишига салбий таъсирини камайтириш;

- бу борада тизимли ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборатдир.

Ўзидан ўзидан маълумки, ҳозирги вазиятни барқарор сақлаб қолиш ва пандемиядан кам сонли йўқотишлар билан чиқиш ва албатта, иқтисодиёт соҳасини маромда сақлаб қолиш мураккаб бўлиб қолмоқда. Кўпгина, ишлаб чиқариш, қурилиш, хизмат кўрсатиш ва бошқа тадбиркорлик фаолияти турлари аҳоли саломатлиги ҳамда хавфсизлигини сақлаш учун вақтинчалик тўхтатилган.

Лекин ҳаёт давом этмоқда, инсон яшаши ва фаолият кўрсатиши учун моддий ҳамда манавий ресурслар талаб этилади. Шу мақсадда,иқтисодий,сиёсий ва ижтимоий ҳаёт онлайн тартибда давом эттирилмоқда. Юртбошимиз, ушбу йил номини ҳам “Рақамли иқтисодиёт ва илм-маърифат йили” деб узоқни кўра билиб, номлагани ҳам бежиз эмас.

24 январ куни Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига мурожаат қилди. Президентимиз ўз нутқида ҳозирги даврнинг барча долзарб масалаларини кўтариб чиқди, келгуси йил учун аниқ вазифаларни белгилаб олди ва аҳоли ва мамлакат ҳаётининг барча соҳаларига таъсир этадиган устувор вазифаларни санаб ўтди.

Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган хабари 2017 - 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг мақсадлари ва қоидаларини амалга оширишнинг давоми ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 03.07.2018 йилдаги “Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Фармони ушбу соҳадаги муҳим ҳужжатлардандир.

Таъкидлаш керакки, Президентимиз маърузасидан анча илгари рақамли технологияларни ҳаётимизга босқичма-босқич киритиш жараёни бошланган эди. Масалан, сўнгги йилларда маълумотлар энди қоғоз кўринишида сақланмаганлигини, компьютерлаштирилган алоқа ёрдамида рақамланган ва сақланганлигини, қайта ишланганлигини ва узатилаётганлигини кўришимиз мумкин, бир неча йиллардан буён давлат ва бошқа ташкилотларга ёзишмалар ва ҳисоботларни электрон алоқа орқали этказиб бериш амалга оширилмоқда. Албатта, бу рақамли иқтисодиётга ўтиш ва умуман мамлакатни рақамлаштиришнинг бошланишидир.

Шу сабабли Шавкат Мирзиёев ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига мурожаатида рақамли иқтисодиётга ўтиш каби муҳим мавзуни кўтариб чиқди.

Ҳозирги кунда “Рақамли Ўзбекистон – 2030” миллий стратегиясининг консепцияси ишлаб чиқилган ва оммавий ахборот воситаларида муҳокама қилиш учун эълон қилинган. Ушбу ҳужжатда рақамли иқтисодиётга ўтишнинг асосий йўналишлари ва мамлакатни босқичма-босқич рақамлаштириш схемаси келтирилган.Ушбу  ҳужжат рақамли технологияларни ишлаб чиқариш жараёнида, бизнесда, фанда, ижтимоий соҳада ва жамиятнинг кундалик ҳаётида жорий этишни кўзда тутади.

Рақамли технологияларни тадбиркорлик соҳасида жорий этиш товарлар ва хизматлар сифатини яхшилашга ёрдам беради, шунингдек, бизнесни юритиш жараёнини осонлаштиради. Ушбу соҳани рақамлаштириш пудратчилар ва буюртмачилар билан шартномалар тузишни, ходимларни жалб қилишни ва контрактларнинг бажарилишини назорат қилишни осонлаштиради. Рақамли технологиялар маркетинг фаолиятини янада мақсадли олиб боришга, айни пайтда талаб қилинадиган товар ва хизматларни танлашга ёрдам беради.

Бизнесни рақамлаштиришни тадбиркорларнинг ўзлари, яъни кўп ҳолларда хусусий шахслар амалга ошираётганлиги сабабли, афсуски, кўпчилик бу ўтиш жараёнига тайёр эмас, бу кўп жиҳатдан янги технологияларни сотиб олиш, ходимларни қайта тайёрлаш ва ишлаб чиқаришдаги ўзгаришлар қимматга тушгани билан боғлиқ.

Аммо, кўплаб йирик компаниялар тажрибаси шуни кўрсатадики, рақамли технологияларга ўтишдан кейин корхона даромади бизнесни модернизациялашга нисбатан бир неча баравар тез ўсади.

Бу янги технологиялар жорий этиладиган ҳаётнинг бошқа соҳаларида ҳам содир бўлади. Ҳаётнинг турли соҳаларида рақамлаштириш навбатларни қисқартиришга, товарлар ва хизматлар сифатини яхшилашга, ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга, ривожланишнинг янги дастурларини жорий этишга ёрдам беради.

Тадбиркорлик фаолиятидан ва ҳозирги дунёдаги коронавирус пандемияси шароитида аҳоли эҳтиёжини таъминлаш “Электрон тижорат” орқали амалга оширилмоқда. Ахборот-коммуникация ва рақамли технологияларнинг, шунингдек глобал иқтисодиётнинг жадал ривожланиши натижасида бугунги кунда кўплаб тадқиқотчилар ўрганаётган электрон тижорат пайдо бўлди.Ахборот технологияларини, хусусан, электрон тижоратни жорий этиш ва улардан фойдаланиш даражаси сезиларли даражада ошмоқда, ушбу технологиялардан фойдаланаётган давлатлар сони, шунингдек, уларни ҳар бир мамлакат ичида индивидуал равишда қўллаш даражаси, мавжуд онлайн-дўконлар сони ортиб бормоқда. Амазон, EBay, Wallmart, Google, Telegram, Instagram  ва Facebook каби онлайн савдо сайтлари аллақачон ҳаммага маълум эканлиги буни тасдиқлайди. Электрон тижорат атамасининг кенг қўлланилишига қарамай, юридик фанларда электрон тижорат тушунчасини шакллантириш тўлиқ эмас. Бунинг сабаби, бугунги кунда ушбу ҳодиса нисбатан янги.

Электрон тижорат тушунчасига келсак, биз халқаро соҳада электрон тижоратни тартибга солувчи асосий ҳужжат 1996 йилда UNCITRAL “Электрон тижорат тўғрисида”ги Модель қонуни эканлигини таъкидлаймиз.Ушбу қонуннинг 1-моддасида, электрон тижорат – савдо фаолияти контекстида ишлатиладиган маълумот хабари кўринишидаги ҳар қандай маълумотга нисбатан қўлланилиши белгиланган. Бундан ташқари, 2-моддада «маълумотлар узатиш» деганда электрон, оптик ёки шунга ўхшаш воситалар ёрдамида тайёрланган, юборилган, олинган ёки сақланадиган маълумот, шу жумладан электрон маълумотлар алмашинуви тушунилади [1].

2015 йил 22 майда қабул қилинган “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасига кўра, ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда тузиладиган шартномага мувофиқ амалга ошириладиган товарлар (ишлар, хизматлар) олди-сотдиси электрон тижоратдир. Лекин қонунда, электрон тижорат объектлари доираси ва чегараси белгиланмаган. Электрон тижорат халқаро миқёсда ривожланган Хитой Халқ Республикасининг 1 январ, 2019 йилда кучга кирган “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонунида, э-тижорат объектлари доираси ва чегараси аниқ тавсифланган, яъни “агар бошқа қонунларда ёки маъмурий қоидаларда товарларни сотиш ёки хизмат кўрсатиш тўғрисида аниқ қоидалар мавжуд бўлса, ушбу қонунлар ёки маъмурий қоидалар устунлик қилади”. Ушбу Қонун молиявий маҳсулотлар ва хизматларга ёки ахборот тармоқлари орқали янгиликлар ва ахборот, аудио ва видео дастурлар, нашрлар ва маданий маҳсулотларни тақдим этиш хизматларига татбиқ этилмайди”. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, электрон тижорат 2 хил шаклда онлайн ва офлайн кўринишида бўлиши мумкин.

Электрон тижоратнинг анъанавий савдо туридан қуйидаги характерли хусусиятлари билан фарқланади:

  • харидор ўзига қулай вақт, жой ва тезликда маҳсулотни танлаш ва сотиб олиш имкониятига эга;
  • савдо-сотиқ фаолиятини иш фаолияти билан бирга параллел равишда, яъни ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда олиб бориш имконияти мавжуд;
  • кўп сонли харидорларнинг бир вақтнинг ўзида бир нечта фирмаларга мурожаат қила олиши. Бу кўп сонли харидорларнинг алоқа воситалари ёрдамида сотувчилар билан мулоқотда бўлиш имконияти;
  • керакли маҳсулотларни тезликда излаб топиш ва шу маҳсулотлари бор фирмаларга мурожаат қилишда техника ва транспорт воситаларидан самарали фойдаланиш, маҳсулотларни бир жойга йиғиш ва уларни сотиб олишда аниқ манзилларга мурожаат қилиш. Ортиқча вақт ва харажатларни камайтиради;
  • харидорнинг яшаш жойи, соғлиғи ва моддий таъминланиш даражасидан қатъий назар ҳамма қатори тенг ҳуқуқли маҳсулот сотиб олиш имконияти;
  • ҳозирги кунда чиққан жаҳон стандартларига жавоб берадиган маҳсулотларни танлаш ва сотиш имконияти;
  • электрон тижорат сотувчининг маҳсулотларини (иш, хизматларини) сотиш жараёнидаги имкониятини янада кенгайтиради ва янгилайди. Энди сотувчи маҳсулотларини сотиш жараёнини тезлаштириши, янги ва сифатли маҳсулотларни мунтазам алмаштириши, маҳсулотларнинг айланма харакатини тезлаштириши керак бўлади.

Электрон тижоратда савдони ташкил қилиш фирмаларнинг рақобатини кучайтиради, монополиядан чиқаради ва маҳсулотларнинг сифатини ошириш имкониятини беради. Харидорлар кундалик хаётида керакли маҳсулотлар ичида сифатлиларини танлаши мумкин. Чет эл фирмаларига мурожаат қилади.

Миллий қонунчилигимизга кўра, "электрон тижоратда товарларни (ишларни, хизматларни) сотувчи ёки уларнинг харидори бўлган юридик ёки жисмоний шахс электрон тижорат иштирокчисидир.Электрон тижоратда товарларни (ишларни, хизматларни) сотувчи юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор ҳисобланади" деб белгиланган. Лекин бугунги шароитда, э-тижорат иштирокчилари учун аниқ таъриф талаб этилаётганини ва бизнес ривожи иштирокчиларининг аниқ вазифалари қонун доирасида белгиланиши лозим [2].

Қонунга қуйидаги тушунчаларни киритишни таклиф этамиз:

Электрон тижорат операторлари” - Интернет ва бошқа ахборот тармоқлари орқали товарларни сотиш ёки хизматлар кўрсатиш бўйича операцион фаолиятни амалга оширувчи жисмоний шахслар, юридик шахслар ёки бирлашмаган ташкилотлар, шу жумладан электрон тижорат платформалари операторлари, платформалар операторлари ва ўз веб-сайтлари орқали товарлар сотадиган ёки хизматлар кўрсатадиган электрон тижорат операторларидир.

“Электрон тижорат платформаси операторлари” эса онлайн равишда тижорат биноларини тақдим этувчи юридик шахслар ёки бошқа бирлашмаган ташкилотларни англатади.

Юртимизда “Электрон тижорат” самарали фаолият кўрсатиши ҳамда қонун иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ишончли ҳимоя қилиниши таъминланиши учун сифатли ва рақобатбардош маҳсулот, иш ёки хизмат талаб этилади. Жамиятда интернет-дўконлардан фойдаланиш истаги, қобилияти ва кўникмаларига эга истеъмолчилар электрон тижорат фаолияти учун айниқса зарурдир. Шу билан бир қаторда, интернет орқали товарларни сотиш учун зарур бўлган белгиланган талаблар ва стандартларга жавоб берадиган технологик платформа электрон тижоратнинг энг муҳим омилидир. Ва албатта, ушбу замонавий фаолият тури ривожи учун юқори даражада ривожланган инфратузилма талаб этилади [3].

Шунингдек, “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддасига биноан, томонлар ўртасидаги низо одатдаги тартибда республика қонунлари асосида ҳал этилиши белгиланган. Биз ушбу моддага қўшимча равишда, “Электрон тижорат операторлари шикоят ва ҳисобот беришнинг қулай ва самарали механизмини яратиши, шикоят ва хабар бериш каналлари ва бошқа ахборотларни ошкор қилиши, ҳар қандай шикоят ва хабарларни ўз вақтида қабул қилиши ва кўриб чиқиши кераклигини ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб зарур деб, ҳисоблаймиз.Ушбу қоида албатта, низонинг судгача бўлган тартибигача амалга оширилади.

“Рақамли Ўзбекистон – 2030” Миллий стратегиясининг консепциялари давлатни ривожлантириш йўналишларига асосланган устувор вазифаларни самарали бажариш учун мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий соҳаларини рақамлаштиришдан якуний фойдаланувчилар ва рақамли дивидендлар эгаларининг билим ва кўникмаларини оширишни ўз ичига олади. Бу аҳолига янги технологияларга тезроқ мослашишга ёрдам беради ва мамлакатни рақамлаштириш жараёнига ёрдам беради, чунки eтарли маълумотга эга бўлган аҳоли янги технологиялардан осонликча фойдаланади ва уларни ўз ҳаётларига татбиқ этади.

 

Адабиётлар рўйхати:

  1. Балабанов И.Т. Электронная коммерция. Учебное пособие для ВУЗов. СПб, 2006.
  2. http://tami.uz/matnga_qarang.php?id=229
  3. Р.Х.Аюпов, И.А.Бакиева, Ш.Ш.Файзиев, Г.Р.Болтабоева. Ўзбекистонда электрон бизнес: муаммолар ва ечимлар / - Т.: ТМИ, 2016.