ЕР ОСТИ СУВЛАРИНИНГ ХАЛҚ ХЎЖАЛИГИДАГИ АҲАМИЯТИ ВА УЛАРДАН ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНИШНИНГ ИСТИҚБОЛЛАРИ (АНДИЖОН ВИЛОЯТИ МИСОЛИДА)
ЕР ОСТИ СУВЛАРИНИНГ ХАЛҚ ХЎЖАЛИГИДАГИ АҲАМИЯТИ ВА УЛАРДАН ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНИШНИНГ ИСТИҚБОЛЛАРИ (АНДИЖОН ВИЛОЯТИ МИСОЛИДА)
Рўзимов Иззатулло Икромжон ўғли
I-тоифали муҳандис гидрогеолог, “Гидрогеология ва инженерлик геологияси” Давлат муассасаси,
Ўзбекистон, Тошкент
Умарова Зулхумар Мухтаровна
катта илмий ходим, “Гидрогеология ва инженерлик геологияси” Давлат муассасаси,
Ўзбекистон, Тошкент
Ташматов Комилжон Алимджон ўғли
кичик илмий ходим, “Гидрогеология ва инженерлик геологияси” Давлат муассасаси,
Ўзбекистон, Тошкент
THE IMPORTANCE OF GROUNDWATER IN THE NATIONAL ECONOMY AND ITS PROSPECTS FOR THEIR RATIONAL USE (ON THE EXAMPLE OF ANDIJAN REGION)
Izzatullo Ruzimov
I-category engineer hydrogeologist, “Institute of hydrogeology and engineering geology” State establishment,
Uzbekistan, Tashkent
Zulkhumar Umarova
Senior researcher, “Institute of hydrogeology and engineering geology” State establishment,
Uzbekistan, Tashkent
Komiljon Tashmatov
Junior researcher, “Institute of hydrogeology and engineering geology” State establishment,
Uzbekistan, Tashkent
АННОТАЦИЯ
Мақолада Андижон вилояти ер ости сув конларининг гидрогеологик шароити ва сувли қатламларда ер ости сувларининг тарқалиш тамойиллари келтирилган. Бундан ташқари, илгари ўтказилган тадқиқот ишлари таҳлил қилиниб, ер ости сувларининг халқ хўжалигида тутган ўрни ва улардан оқилона фойдаланиш истиқболлари ҳамда уларни эксплуатация қилишдаги ривожланиш динамикаси ҳақида ёритиб берилган.
ABSTRACT
The article describes the hydrogeological conditions of groundwater deposits in Andijan region and the principles of distribution of groundwater in aquifers. In addition, previous research analyzes the role of groundwater in the national economy and the prospects for their rational use, as well as the dynamics of development in their exploitation.
Калит сўзлар: сувли қатлам, хўжалик-ичимлик суви, эксплуатацион бурғи қудуқ, эксплуатация сувлари, ер ости сув кони.
Keywords: Aquifer complex, household drinking water, production well, operational water, groundwater deposits.
Жаҳонда халқ хўжалигининг ривожланишида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш муҳим масалалардан бири деб ҳисобланади. Шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам ер ости сувларининг халқ хўжалигида тутган ўрни шубҳасиз юқори. Улар шаҳар ва қишлоқ аҳолисини, ҳамда барча саноат корхоналарининг хўжалик-ичимлик ва ишлаб чиқариш-техник сув таъминотига бўлган эҳтиёжини қондирувчи асосий манба ҳисобланади. Кейинги йилларда ер ости сувлари ҳисобидан ерларни суғориш, айниқса суғориш мавсуми даврида кучайиб бормокда [1].
Андижон вилояти республикамизнинг аҳоли зич жойлашган вилоятлари қаторига кириб, республика аҳолисини қарийб 10 %ини ташкил қилади аммо ҳудудий жиҳатдан атига 1 %ини ташкил қилади. Бу эса, ҳудуднинг аҳоли зичлик даражасини юқори эканлигини кўрсатади. Ўрганилаётган ҳудуд 14 тумандан иборат бўлиб, вилоят аҳолисининг катта қисми қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши билан банд. Аҳоли сонининг жадал суратларда ўсиши, сифатли ичимлик сувига бўлган талабни янада оширади. Ҳудуднинг иқлими континентал бўлиб, ёзда иссиқ, қуруқ, қишда эса ўртача совуқ. Вилоятда йирик гидрографик тармоқларидан Қорадарё, Майлисув ва Тентаксой дарёларидир. Қолаверса, ҳудудда муҳим аҳамият касб этувчи ва қишлоқ хўжалиги ерларини суғоришда асосий ўринда турувчи Катта Фарғона канали, Катта Андижон канали, Жанубий Фарғона канали, Савай, Балиқчи ва Улуғнор каналлари ҳамда Андижонсой, Шаҳрихонсой ва бошқа кўплаб каналларни ҳам учратиш мумкин.
Сўнгги йилларда аҳолини ва халқ хўжалиги тармоқларини ичимлик суви ҳамда саноат ва техник сув билан таъминлаш асосан ер ости сувлари ҳисобига амалга оширилиб, қисман суғориш учун ҳам фойдаланиб келинмоқда.
Бунинг учун Андижон вилоятида ер ости сувлари бўйича илгари ўтказилган гидрогеологик тадқиқотлар натижалари таҳлил қилинди. Таҳлил натижаларига кўра, Тўртламчи давр ётқизиқларининг барча сувли қатламларидан фойдаланилади. Энг катта юкланиш Мирзачўл ва Тошкент сувли қатламларига тўғри келади. Мирзачўл сувли қатламидаги ер ости сувлари асосан ерларни суғориш ҳамда шаҳар ва вилоят марказларида ер ости сувлари сатҳини пасайтириш учун, Тошкент сувли қатлами эса хўжалик-ичимлик эҳтиёжлари учун ишлатилади.
Гидрогеологик нуқтаи назардан Андижон вилояти турли ер ости сув конларига бой бўлиб, бу конларда табиий тоза ичимлик сувидан тортиб, то юқори маъданли ва ноёб қимматбаҳо компонентли сувларгача мавжуд. Улардан халқ хўжалигининг барча соҳаларида фойдаланилади. Шунинг учун ер ости сувларининг гидрогеодинамик ва гидрогеокимёвий кўрсаткичларининг ўзгариши алоҳида ер ости сув конлари бўйича тавсифланади. Андижон гидрогеологик станцияси томонидан тўртламчи давр сувли қатламларига тегишли бўлган (300 метр чуқурликгача етган) ер ости (сизот ва босимли) сувлари ўрганилади.
Ер ости сувлари эксплуатацион бурғи қудуқлари ёрдамида тортиб олинади ҳамда улар гуруҳли сув олиш иншоотларида тўпланиб, алоҳида-алоҳида ҳудудларга тарқатилади.
Ер ости сувларини тортиб олиниши коннинг ресурс баланси сарфини энг муҳим техноген омилидир. Ер ости сувлари давлат ҳисобининг маълумотларига кўра 2018 йил 1 январь ҳолатига кўра тадқиқот ҳудудининг Андижон-Шахрихон, Ўш-Аравон, Қораунгур, Майлисув ва Норин ер ости сув конларида 3752 та эксплуатацион бурғи қудуқлари мавжуд бўлиб, улардан 2387 таси ишламоқда (1-расм).
1-расм. Андижон вилоятидаги эксплуатацион бурғи қудудларининг тарқалиш харитаси
Эксплуатация қилинаётган бурғи қудуқларининг умумий сонини ривожлантириш динамикаси асосан 2003-2004 йилларда маълум даражада барқарорлашди (2-расм). Амалдаги қудуқларнинг асосий сони (67%) Андижон-Шаҳрихон ва Ўш-Аравон ер ости сув конларига тўғри келади. Эксплуатацион бурғи қудуқларининг1679 таси (70% дан ортиқ) хўжалик-ичимлик эҳтиёжлари учун ишлатилади.
Давлат сув ҳисобининг маълумотларига асосланган ҳолда 2018 йил
1 январь ҳолатида вилоятдаги умумий ер ости сувларининг олиниши 18,3 %ни ташкил қилиб, шундан 9,2 %и ер ости сувларининг тасдиқланган захираси ҳисобига тўғри келади. Олинган ер ости сувларининг 49,2 %и хўжалик-ичимлик, 4 %и ишлаб-чиқариш техник эҳтиёжлари, 21,5 %и суғориш ишлари ва 29 %и сув сатҳини пасайтириш мақсадида ишлатилади [2].
1-расм. Эксплуатацион бурғи қудуқларининг умумий сонидаги ўзгаришларни динамикаси
Андижон-Шаҳрихон ер ости сув кони ҳудудида эксплуатацион бурғи қудуқларининг умумий сони 1013 тани ташкил этиб, шундан 598 таси ишламоқда. Қудуқлар асосан хўжалик-ичимлик суви (386 та қудуқ, ишлаётган қудуқларнинг умумий сонининг 64% дан ортиғи) ва сув сатҳини пасайтириш учун ишлатилади. 2017 йилдаги маълумотларга асосланган ҳолда, ушбу ер ости сув конидаги эксплуатацион бурғи қудуқларидан ўртача йиллик тортиб олинган ер ости сувларининг 33 %и хўжалик-ичимлик эҳтиёжлар, 31 %и сув сатҳини пасайтириш ва бошқа мақсадлар учун ишлатилди. Тўртламчи давр сувли қатламининг паст босимли ва босимли чучук сувлари ичимлик суви талабига жавоб беради. Сувнинг минераллашуви 206-322 мг/л, умумий қаттиқлиги 7,0-8,0 мг-экв/л дан камроқ [3].
Ўш-Аравон ер ости сув кони ҳудудидаги 1713 та эксплуатацион бурғи қудуқларидан 1008 таси ишлаб турибди. Уларнинг 74 %идан ортиқ (755 та) эксплуатацион бурғи қудуқлари хўжалик-ичимлик эҳтиёжлари учун фойдаланилди. 2017 йил ҳисобига кўра, эксплуатацион бурғи қудуқларидан олинган ўртача йиллик ер ости сувларининг қарийб 56 %и хўжалик-ичимлик суви мақсадида ишлатилди.
Қораунгур ер ости сув конида 2018 йил январь ойи ҳолатига кўра 297 та эксплуатацион бурғи қудуқларидан 254 таси (85,5%) ишлатилган. Эксплуатацион бурғи қудуқларининг асосий қисми (69 %дан ортиқ) хўжалик-ичимлик суви учун ишлатилди. Эксплуатацион бурғи қудуқларидан олинаётган ўртача йиллик ер ости сувларининг 38 %и хўжалик-ичимлик ва 55 %и ерларни суғориш учун ишлатилди. Саноат ва техник эҳтиёжлар ҳамда сув сатҳини пасайтириш учун сувни олиш жуда кам ишлатилди. Эксплуатация қилинаётган чучук ер ости сувларининг минераллашуви 0,26-0,41 г/л ва умумий қаттиқлиги 4,5-6,3 мг-экв/л ни ташкил қилади.
Майлисув ер ости сув кони ҳудудида 377 та эксплуацион бурғи қудуғларидан 311 таси (82,4 %) ишлаяпти. Эксплуацион бурғи қудуқларининг асосий қисми (75 % дан ортиқ) хўжалик-ичимлик суви мақсадида ишлатилди. Эксплуатацион бурғи қудуқларидан олинаётган ўртача йиллик ер ости сувларининг 39 %и хўжалик-ичимлик ва 57 %и сув сатҳини пасайтириш учун ишлатилди. Ер ости чучук сувларининг минераллашуви 0,24-0,3 г/л ва умумий қаттиқлиги 3,7-4,2 мг-экв/л.
Норин ер ости сув кони ҳудудидаги 352 та эксплуатацион бурғи қудуқларидан 216 таси ишлаб турибди. Эксплуатацион бурғи қудуқларидан олинаётган ер ости сувларининг асосий қисми (59 % дан кўпроқ) хўжалик-ичимлик ва сув сатҳини пасайтириш учун (86 та бурғи қудуғи) ишлатилди. Узоқ муддатли кузатишларни таҳлил қилиш натижасида ер ости сув конининг 40-50 метр чуқурликгача бўлган ер ости сувлари O‘z DSt 950:2011 “Ичимлик сув” талабига жавоб бермайди. Бу горизонтда ер ости сувларининг минераллашуви 1,3-3,28 г/л, умумий қаттиқлиги 11,0-41,4 мг-экв/л ни ташкил этади. Тошкент ва Сўх сувли қатламларидаги ер ости сувларининг 60 метрдан пастда “Ичимлик сув” талабига жавоб беради. Ер ости сувларининг минераллашуви 0,4-0,6 г/л, умумий қаттиқлиги 5,5-8,3 мг-экв/л дан иборат [3].
Андижон вилоятида ишлайдиган қудуқлардан ўртача йиллик тортиб олинган ер ости сувларининг тахминий баҳоланган минтақавий захираларининг 18,4 %ини ташкил қилади. Эксплуатацион бурғи қудуқларининг катта қисми аҳоли зич жойлашган ҳудудлар ва саноат зоналарида жойлашган.
Ўтган 57 йил мобайнида эксплуатацион ер ости сувларининг тортиб олинишини ривожланиш динамикаси 3-расмда кўрсатилган.
3-расм. Ер ости сувларини конлар бўйича умумий тортиб олишнинг ўзгариш динамикаси
Ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатадики, 2000-йилдан бошлаб ер ости сувларининг эксплуатацион бурғи қудуқлари бўйича ўртача йиллик тортиб олинишининг кескин камайиши кузатилган. Фойдаланилаётган ер ости сувларининг таҳлили бўйича 2000-йилдан бошлаб ер ости сувларининг эксплуатацион бурғи қудуқларининг ўртача йиллик тортиб олинишининг кескин пасайиши кузатилди. Ер ости сувларининг максимал тортиб олиниши 1995-йилда кузатилган. Тортиб олинаётган сувларнинг асосий қисми хўжалик-ичимлик суви учун ишлатилади.
Бироқ, кўп ҳолларда ер ости сувларидан фойдаланувчилар вa эксплуатация қилувчи ташкилотлар томонидан қўпол қоидабузарликлар билан эксплуатация қилинмоқда. Кўпгина фавворали қудуқлар назоратсиз, бунинг натижасида ер ости сувлари фойдасиз оқим (30-40%) билан ишламоқда. Насослар билан эксплуатация қилинадиган қудуқлар эксплуатация режими қоидаларига риоя қилмасдан доимий ишлайди. Умуман олганда, бугунги кунда ер ости сувларидан оқилона фойдаланиш ҳамда уларни камайиши вa ифлосланишидан ҳимоя қилиш бўйича бир қатор муаммолар вa камчиликлар мавжуд. Ҳудудда ер ости сувларини эксплуатация қилишнинг ҳозирги ҳажми уларнинг минтақавий эксплуатацион захираларига нисбатан анча юқори. Юқоридаги камчиликларни инобатга олган ҳолда аҳолини чучук ер ости сувларидан оқилона фойдаланиш бўйича маданиятини ошириш ҳамда қаровсиз фавворали қудуқларни назоратга олиш ва сув хўжалиги ташкилотлари билан ҳамкорликда ер ости ва ер усти сувларининг ифлосланишини олдини олиш ва режали ишлатиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш тавсия этилади.
Адабиётлар рўйхати:
- Рахимов Н.Н., Умарова З.М. “Халқ хўжалигида сув ресурсларидан фойдаланишдаги ер ости сувлари мониторинг тизимининг ўрни” // “Республикада геология ўқитишининг долзарб муаммолари ва Ер фанлари истиқболлари” мавзусидаги республика миқёсидаги илмий ва илмий-техник анжуман Тошкент, 2020 йил 60-64 бет.
- Рўзимов И.И. “Андижон вилояти ер ости сувларининг мониторинг тизими ва уларнинг ҳозирги кундаги ҳолати” // ЎзМУ Хабарлари, № 3/1/1, 2021 233-236 бет.
- Рўзимов И.И., Холбаев Ш. “Андижон вилояти ер ости сувларининг ўрганилганлик даражаси ва уларнинг ҳозирги кундаги ҳолати” // “Географик тадқиқотлар: инновацион ғоялар ва ривожланиш ис тиқболлари” мавзусидаги Халқаро илмий-амалий конференция маътериаллари. 2021 йил 25-26 март.
- Абдуллаев Б.Д., Саидова С.А. “Ер ости сувлари мониторинги – табиий ресурсларни асрашдаги асосий омил” // Геология ва минерал ресурслар, № 1, 2018 46-47 бет.
- Рўзимов И.И. Андижон вилояти ер ости сув конларининг гидрогеологик ва инженер-геологик шароитини ўрганиш // ‘‘Ўзбекистоннинг умидли ёшлари’’ мавзусидаги 5-сон Республика илмий талабалар, магистрлар ёш тадқиқотчилар ва мустақил изланувчилар учун онлайн конференцияси [Тошкент; 2021].