“ОДАМ АНАТОМИЯСИ ВА ФИЗИОЛОГИЯСИ” ФАНИНИ КРЕДИТ-МОДУЛ ТИЗИМИ АСОСИДА ЎҚИТИШНИНГ ИННОВАЦИОН АСОСЛАРИ
“ОДАМ АНАТОМИЯСИ ВА ФИЗИОЛОГИЯСИ” ФАНИНИ КРЕДИТ-МОДУЛ ТИЗИМИ АСОСИДА ЎҚИТИШНИНГ ИННОВАЦИОН АСОСЛАРИ
Пардаева Хуршида Олимжоновна
А.Қодирий номидаги ЖДПИ биология ва уни ўқитиш методикаси кафедраси катта ўқитувчиси,
Ўзбекистон, Жиззах
INNOVATIVE FUNDAMENTALS OF TEACHING THE SCIENCE "HUMAN ANATOMY AND PHYSIOLOGY" ON THE BASIS OF CREDIT-MODULE SYSTEM
Khurshida Pardaeva
Senior Lecturer of the Department of Biology and Methods of Teaching JDPI named after A. Kadyri,
Uzbekistan, Jizzakh
АННОТАЦИЯ
Ушбу мақола “Одам анатомияси ва физиологияси” фанини кредит-модул тизими асосида ўқитишнинг инновацион асосларини ўрганишга бағишланган. Кредит-модуль таълим амалиёти илғор педагогик технологияларни амалиётга кенг жорий этиш таълим сифатини оширишга хизмат қилиши аниқ мисоллар билан ушбу мақолада очиб берилган.
АННОТАЦИЯ
Статья посвящена изучению инновационных принципов преподавания предмета «Анатомия и физиология человека» на основе кредитно-модульной системы. В статье на конкретных примерах показано, что повсеместное внедрение передовых педагогических технологий в практику кредитно-модульного обучения послужит повышению качества обучения.
Калит сўзлар: кредит-модул тизими, замонавий педагогик, технологик, информацион методлар, ўқитишни лойиҳалаштириш, Шахсга йўналтирилган таълим.
Ключевые слова: кредитно-модульная система, современные педагогические, технологические, информационные методы, проектирование обучения, личностно-ориентированное образование.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 июндаги ПҚ-3775-сонли «Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги [1] , 2019 йил 8 октябрдаги ПФ-5847-сон “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси” [2] каби қарор ва фармонларда Янги Ўзбекистон олий таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш масалалари кўтарилган. Шу маънода Ўзбекистон олий ўқув юртларининг кредит-модул таълим тизимига ўтиши жаҳоннинг етакчи замонавий педагогик, технологик, информацион методларини таълим жараёнига тўлиқ олиб киришни англатади.
Кредит-модуль таълим амалиёти илғор педагогик технологияларни амалиётга кенг жорий этиш таълим сифатини оширишга хизмат қилишини тўлиқ тасдиқламоқда. Бироқ илғор педагогик технологияларни олий таълим жараёнига қўллаш билан боғлиқ бир қатор муаммолар мавжудки, уларни эътиборга олиш ва ҳал этиш таълим сифатини оширишга хизмат қилади. Бундай долзарб муаммолар сирасига қуйидагиларни киритиш мумкин:
1) олий таълимда қўллаш учун мўлжалланган интерфаол методлар таснифи ва уларнинг мазмун-моҳиятини ёритиб берувчи ўқув-услубий қўлланмаларни яратиш;
2) профессор-ўқитувчилар интерфаол методларни қўллашда услубий қоидаларга тўлиқ риоя этишлари зарур. Интерфаол усуллар фаннинг ўзига хос хусусияти, мавзунинг мақсад ва вазифалари, талабаларнинг ёш хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ўтказилиши лозим;
3) таълим технологияларини яратиш учун профессор-ўқитувчилар ўқув мақсадларини педагогик вазифаларга айлантириш, уни кутиладиган натижага мос ҳолда аниқлаш кўникмасига эга бўлишлари лозим;
4) олий таълим кредит-модуль таълим жараёнига педагогик технологияларни татбиқ этишни замонавий таълим талаби сифатида қабул қилиш керак.
Замонавий жамият ўзининг тез ва чуқур ўзгарувчан тавсифига эга бўлиб, бундай ўзгаришлар жамоатчилик тузилмалари, жумладан, мустақил давлатлар, шахс ва жамият ўртасидаги муносабатлар, демографик сиёсат, урбанизация жараёнларида кўзга яққол ташланмоқда. Таълим ҳам глобал умумҳамжамият тузилмасининг алоҳида таркибий қисми сифатида жамиятда бўлаётган барча ўзгаришларни ҳисобга олиши, ана шу асосда ўз тузилиши ва фаолият мазмунини ўзгартириши зарур. Бугунги кунда таълимнинг жамият ривожланиш суръатларидан ортда қолаётганлиги, таълим жараёнида қўлланилаётган технологияларнинг замонавий талабларга тўлиқ жавоб бермаслиги ҳақидаги масала дунё ҳамжамияти томонидан тез-тез эътироф этилмоқда. Чунки таълим ҳам ижтимоийлаштириш вазифасини бажарувчи сифатида жамиятдаги ўзгаришлар ортидан бориши ҳамда унинг ривожланишига ўз таъсирини ўтказиши керак. Бироқ жамият ривожланиши ва таълим тизими ўртасидаги муносабат мураккаб кўринишга эга бўлиб, юқори даражадаги жўшқинлик билан фарқланади. Таълим барча фаол ва суст ўзгаришлар таъсирини қабул қилавермайди, жамиятда бўлаётган воқеаларга эса ўз таъсирини ўтказади. Ана шу нуқтаи назардан таълимдаги ўзгаришлар фақатгина натижа сифатида эмас, балки жамиятнинг келгусидаги ўзига хос ривожланиш шартидир. Шу маънода Ўзбекистон олий таълим жараёнига тадбиқ этилаётган кредит-модуль тизими таълим олувчи шахсига қаратилган жараённи янада технологиялаштириш йўли билан жаҳон таълим тизимида қўлланилаётган энг илғор инновацияларни ижобий ўзлаштириш демакдир. [9]
Ўқув жараёни билан боғлиқ бўлган таълим сифатини белгиловчи ҳолатларга жиддий эътибор бериш, унда юқори педагогик даражада дарс бериш билан бир қаторда мустақил таълим кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган методикани ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш, муаммоли маърузалар ўқиш, дарсларни савол-жавоб тариқасида қизиқарли ташкил қилиш, илғор педагогик технологиялардан ва мултимедиа воситаларидан фойдаланишга ундайдиган, ўйлантирадиган муаммоларни улар олдига қўйиш, талабчанлик, талабалар билан индивидуал ишлаш, эркин мулоқот юритишга, илмий изланишга жалб килишдан иборатдир.
“Одам анатомияси ва физиологияси” фанини [5, 6, 7, 8] кредит-модул тизим асосида ўқитишни лойиҳалаштиришда куйидаги асосий концептуал ёндашувлардан фойдаланиш зарур.
Шахсга йўналтирилган таълим моҳиятига кўра таълим жараёнининг барча иштирокчиларининг тўлақонли ривожланишлари кўзда тутади. Бу эса таълимни лойиҳалаштирилаётганда, албатта, маълум бир таълим олувчининг шахсини эмас, аввало, келгусидаги мутахассислик фаолияти билан боғлиқ ўқиш мақсадларидан келиб чиққан ҳолда ёндошилишини назарда тутади.
Тизимли ёндошув таълим технологияси тизимнинг барча белгиларини ўзида мужассам этмоғи лозим: жараённинг мантиқийлиги, унинг барча бўғинларини ўзаро боғланганлиги, яхлитлиги.
Фаолиятга йўналтирилган ёндошув шахснинг жараёнли сифатларини шакллантиришга, таълим олувчининг фаолиятни активлаштириш ва интенсивлаштириш, ўқув жараёнида унинг барча қобилияти ва имкониятлари, ташаббускорлигини очишга йўналтирилган таълимни ифодалайди.
Диалогик ёндошув ўқув муносабатларини яратиш заруриятини билдиради. Унинг натижасида шахснинг ўз-ўзини фаоллаштириши ва ўз-ўзини кўрсата олиши каби ижодий фаолияти кучаяди.
Ҳамкорликдаги таълимни ташкил этиш демократик, тенглик, таълим берувчи ва таълим олувчи фаолият мазмунини шакллантиришда ва эришилган натижаларни баҳолашда биргаликда ишлашни жорий этишга эътиборни қаратиш зарурлигини билдиради.
Муаммоли таълим таълим мазмунини муаммоли тарзда тақдим қилиш орқали таълим олувчи фаолиятини активлаштириш усулларидан бири. Бунда илмий билимни обектив қарама-қаршилиги ва уни хал этиш усулларини, диалектик мушоҳодани шакллантириш ва ривожлантиришни, амалий фаолиятга уларни ижодий тарзда қўллашни мустақил ижодий фаолияти таъминланади.
Ахборотни тақдим қилишнинг замонавий воситалари ва усулларини қўллаш - янги компьютер ва ахборот технологияларини ўқув жараёнига қўллаш орқали таълимни амалга ошириш.
Ўқитишнинг усуллари ва техникасига маъруза (кириш, мавзуга оид, визуаллаш), муаммоли таълим, кейс-стади, пинборд, парадокс ва лойиҳалаш усуллари, амалий ишлар киради.
Ўқитишни ташкил этиш шакллари -: диалог, полилог, мулоқот ҳамкорлик ва ўзаро ўрганишга асосланган фронтал, коллектив ва гуруҳ.
Ўқитиш воситалари - ўқитишнинг анъанавий шакллари (дарслик, маъруза матни) билан бир қаторда - компьютер ва ахборот технологиялари.
Коммуникация усуллари: тингловчилар билан оператив тескари алоқага асосланган бевосита ўзаро муносабатлар.
Тескари алоқа усуллари ва воситалари: кузатиш, блиц-сўров, жорий ва оралиқ, якунловчи назорат натижаларини тахлили асосида ўқитиш диагностикаси.
Бошқариш усуллари ва воситалари: ўқув машғулоти босқичларини белгилаб берувчи технологик карта кўринишидаги ўқув машғулотларини режалаштириш, қўйилган мақсадга эришишда ўқитувчи ва тингловчининг биргаликдаги ҳаракати, нафақат аудитория машғулотлари, балки аудиториядан ташқари мустақил ишларнинг назорати.
Мониторинг ва баҳолаш: ўқув машғулотида ҳам бутун курс давомида ҳам ўқитишнинг натижаларини режали тарзда кузатиб бориш. Курс давомидаохирида тест топшириқлари ёки ёзма иш вариантлари ёрдамида тингловчиларнинг билимлари баҳоланади.
Анъанавий таълимда ўқув мақсадлари педагоглар фаолияти орқали ифодаланган бўлса, кредит-модуль тизимида талабалар мустақил таълими таълим марказида бўлади. Улар билим олишга, малака оширишга ва кўникма ҳосил қилишга йўналтирилган бўлиб, талабалар фаолияти орқали ифодаланади ва касбий фаолиятга йўналтирилади.
Модуль - фаннинг ўзаро боғлиқ фундаментал тушунчаларини ўрганишга йўналтирилган, дидактик тамойиллар асосида тузилган, ўқув материалининг бирлигидир. Модулли ўқитиш - ўқитишнинг истиқболли тизимларидан бири ҳисобланади, чунки у ўқувчиларнинг билиш имкониятларини ва ижодий қобилиятларини ривожлантириш тизимига жуда яхши мослашади.
Модулли ўқитиш, касбий таълимнинг қуйидаги замонавий масалаларини ҳар томонлама ечиш имкониятини яратади.
- Модул – фаолиятлилик асосида ўқитиш мазмунини оптималлаш ва тизимлаш дастурларини ўзгарувчанлиги, мослашувчанлигини таъминлайди;
- ўқитишни индивидуаллаштириш;
- амалий фаолиятга ўргатиш ва кузатиладиган характерларни баҳолаш даражасида ўқитиш самарадорлигини назорат қилиш;
- касбий мотивация (қизиқтириш) асосида, фаоллаштириш, мустақиллик ва ўқитиш имкониятларини тўла рўёбга чиқариш.
Модулли ўқитишда, ўқув дастурларини тўла, қисқартирилган ва чуқурлаштирилган кўринишдаги табақалаш орқали, босқичма-босқич ўқитиш, яъни ўқитишни индивидуаллаштириш имконияти яратилади. Модулли технология асосида ўқитишга ўтишда қуйидаги мақсадлар назарда тутилади:
- ўқитишнинг узлуксизлигини таъминлаш;
- ўқитишни индивидуаллаштириш;
- ўқув материалини мустақил ўзлаштириш учун етарли шароит яратиш;
- ўқитиш жараёнини жадаллаштириш;
- фанни самарали ўзлаштиришга эришиш.
Бизнингча, фанлардан модулли технология асосида ўқув адабиётларининг яратилиши ва таълим жараёнига жорий этилишида модулли ўқитиш тизими тўлиқ амалга оширилади. Биринчи навбатда, махсус фаннинг модулли ўқув дастури ишлаб чиқилади ва шу дастур асосида тегишли дарслик ёки ўқув қўлланмалар яратилади.
Модулли ўқув дастурида махсус фанга тегишли битта фаолият турига тегишли бир-бирига боғлиқ мавзулар гуруҳланади.
Махсус фан таркибидаги ҳар бир модул ўзида бир ёки бир нечта фундаментал тушунчаларни ва фаолият турини ўрганишга қаратилган назарий билимлар ва шу назарий билимларни эгаллашга кўмаклашиши билан амалий машғулотлар, ҳамда билим ва кўникмаларни баҳолаш тизимини қамраб олади.
Модулли технология асосида ўқув адабиётларини яратишда ҳар бир модул таълим олувчиларда мустақил тафаккур юритиш, мустақил режалаштириш ва муаммоларни ечиш йўлларини таклиф қилиши, ҳамда билимларни касбий фаолиятга қўллаш кўникмаларини шакллантиришга йўналтирилган бўлиши керак.
Ҳар бир модулда ўқув дастурига мос равишдаги қоидалар ўз аксини топиши, таълим мазмунини барча ташкил этувчилари қамраб олиниши, ўзлаштиришни ташкил қилиш аппарати бўлиши ва мазмуннинг аниқ тузилмавий тизими сақланиши керак. Демак, таълим модулида маълум бир фаолият турининг мазмуни ва усуллари умумлаштирилган бўлиши, ҳамда юқори педагогик натижа режалаштирилиши лозим. Шунга кўра кредит-модул таълим тизимига асосланган дарсликла, ўқув қўлланмалар, услубий қўлланмалар ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқ. Дарсликдаги ҳар бир модул ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини фаоллаштириш ва қизиқтириш, мустақил ўрганиш, ўқув материалини тўлиқ ўзлаштириш ва индивидуал ишлаш имкониятини яратиш каби масалаларни ечиши керак.
Ҳар бир модул бўйича таянч ибораларни алоҳида кўрсатиш лозим. Ҳар бир таянч иборани, ўрганилиш даражасини белгилаш зарур бўлади. Яъни талаба қайсидир таянч иборани билиш даражасида, бошқасини қўллаш, айрим таянч ибораларни баҳолаш даражасида ўзлаштириши керак бўлади.
Назарий ўқув материалида модулга тегишли фаолият тури назарий жиҳатдан ёритилиши керак. Амалий ўқув материалларида модулни ўзлаштиришда ва мустақил тарзда билимлар олишда талаба бажарадиган амалий фаолият усуллари, тажриба ва экспериментларни ўтказиш методлари баён қилиниши ҳамда кўрсатмалар, тавсиялар берилиши керак. Шунингдек, талабаларда касбий кўникма ва маҳоратларни шакллантириш учун ҳақиқий объектлар билан ўзаро ҳаракат усуллари ва ҳаётий тажрибалар батафсил баён этилади. Талабаларнинг бевосита амалий ишларни бажаришлари учун шундай услубий тавсиялар берилиши керакки, ундан талабалар маълум кўникма ва маҳоратларни эгаллашлари учун ўзларининг билимларини амалиётга қўллашни ўрганишлари керак.
Назарий ва амалий матнларда модул мазмуни аниқ акс эттирилиши, талабаларга кейинги модулга ўтишда қизиқишни уйғотиши, ва таассурот қолдирадиган бўлиши керак. Матннинг тили тушунарли бўлиши керак. Модулда изоҳлар, луғатлар берилиши ўқув материалини ўзлаштиришни осонлаштиради.
Изоҳлар, луғатлар талабаларнинг модулни мустақил ўрганишларида қўлланилади. Изоҳлар маълумотлар кўринишида расмийлаштирилади. Бироқ шуни ҳам инобатга олиш керакки, изоҳларнинг ҳажми катталиги ва даврий такрорланиши талабаларга фикрларини бир жойга жамлашни қийинлаштиради, материални тўлиқлигича қабул қилишларини мураккаблаштиради, асосий матнга диққатни жалб қилишга халақит қилади. Модулни ўзлаштиришда атамашунослик, таржимали ва бошқа луғатларнинг берилиши матндаги янги атамалар, атамаларни тушунишга ёрдам беради.
Ҳар бир модулда талабаларнинг ўз-ўзини текшириш ва билимларини мустаҳкамлаш учун саволлар, тестлар, мустақил ишлаш учун амалий топшириқлар ёки машқлар ва уларни бажариш учун услубий кўрсатма тавсиялар бўлиши керак. Саволлар талабаларни билим олишга қизиқишларини, мустақил фикрлаш фаолиятини ривожлантиришга, таққослаш, синтез, таҳлил қилиш усулларидан фойдалана олиш маҳоратларини шакллантиришга йўналтирилган бўлиши керак.
Замонавий педагогик ва ахборот технологиялари бир-бири билан уйғунлашган ва мослашган ҳолда бир-бирини тўлдириш керак. Мана шундай уйғунлик таълим самарадорлигини ошириш учун кенг имконият яратади.
Бундан ташқари, ўқитувчи олдида ўқувчиларни ахборот олиш ва қайта ишлаш маданиятини шакллантириш ва ривожлантириш вазифалари туради, табиийки бунда талабага ривожланган рақамлаштириш катта ёрдам беради. Бу жараённинг муваффақиятли кечишида ўқитувчининг ўзи маслаҳатчи, йўл-йўриқ кўрсатувчи, ўқув жараёнининг бошқарувчисига айланиб боради.
Бунда бош масала билимлар оламига кириш, бу оламнинг ресурсларидан фойдаланиш ва ўзлаштиришга боғланиб қолади. Ўқувчи ахборот уммонида янгича қоидаларни ўрганиши, барча ўқув фанлар кесимида ахборот олиши ва уни қайта ишлай олиши бевосита машғулотларнинг ташкил этилишига боғлиқ. Бериладиган маълумотларни янада мазмунга бой, эсда қоладиган ва кўргазмали бўлиши учун кўпроқ мултимедиа технологияларидан фойдаланилади.
Глобал Интернет тизимининг ривожланиши жаҳон таълим тизимида янги истиқболларини очиб берди. Бугунги кунда анъанавий таълим услублари Интернет, электрон-компьютер сетлари ва телекоммуникация муҳитига асосланган янги ўқитиш услублари асосий таълим услубларига айланмоқда. Рақамлаштирилган таълим шароитида телеўқитиш ва масофавий таълим бир қатор янги функцияларни бажариш билан бир қаторда, ўзаро тақсимланган ҳамкорлик принципи, интегратция, халқаро Интернет тармоғига кириш ва унинг манбаларидан фойдаланиш каби аниқ мақсад ва вазифаларни амалда қўллашни тақазо этади.
Халқимизда “Бешикдан то қабргача илм изла” деган пурмаъно ҳикмат ишлатилади. Ҳозирги давр ҳам инсондан умрбод таълим олишни, яъни ўз ҳаётий фаолияти давомида мунтазам касбий билим ва кўникмаларини ошириб боришини, бугунги глобал ўзгаришлар асрида ривожланиш кўпгина ҳолларда Рақамлаштирилган таълим муҳити билан боғлиқдир.
“Одам анатомияси ва физиологияси” фанини кредит-модул тизим асосида ўқитишнинг инновацион асослари талабаларнинг мустақил билим олишларини йўлга қўйиш, ижодий қобилиятларини ривожлантириш, эркин фикрлаш, ўзаро мулоқотларда фаол иштирок этишга ўргатиш, касбий қизиқиш ва интилишларини ошириш кутилган юксак педагогик натижаларни таъминлайди деб ҳисоблаймиз.
Адабиётлар рўйхати:
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 июндаги ПҚ-3775-сонли «Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори.
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги ПФ-5847-сон “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси” Фармони.
- Adolf Faller., Michael Schuenke-The Human Body - “An Introduction to Structure and Function” Thieme Stuttgart · New Yorkhttp: //www.bestmedbook.com/2004
- Rajamurodov Z.T., Rajabov A.L. “Odam va hayvonlar fiziologiyasi” T.: Tib. 2010.
- Nuriddinov.E.N. “Odam fiziologiyasi” T.: “A’loqachi” 2005.
- Xudoyberdiev.R.E.,I.K.Axmedov. “Odam anatomiyasi” T.: “Ibn Sino” 1993.
- Ahmedov.A. “Odam Anatomiyasi” T.: “Iqtisod moliya” 2007.
- R.Boxodirov “Odam anatomiyasi” T.: “O‘zbekiston”, 2006.
- Ўринов В., Умаров А. Олий таълимда кредит-модуль: янги ўқув йилида талабаларни нималар кутмоқда? https://kun.uz/news/2020/07/22/oliy-talimda-kredit-modul-kelayotgan-oquv-yilida-talabalarni-nimalar-kutmoqda
- Internet sayti: www.tdpu.uz
- Internet sayti: www.pedagog.uz
- Internet sayti: www.physiology.ru/handbooks.html
- Internet sayti: www.curator.ru/e-books/b22.html