«МИФТАҲУ-Л-УЛУМ» АСАРИДА АРАБ ТИЛИДАГИ ҲАРФЛАР [ТОВУШЛАР]НИНГ ТУРЛАРИ БАЁНИ

Опубликовано в журнале: Научный журнал «Интернаука» № 1(271)
Рубрика журнала: 18. Филология
DOI статьи: 10.32743/26870142.2023.1.271.350754
Библиографическое описание
Akmalxonov A.A., NIg'monov A.S. «МИФТАҲУ-Л-УЛУМ» АСАРИДА АРАБ ТИЛИДАГИ ҲАРФЛАР [ТОВУШЛАР]НИНГ ТУРЛАРИ БАЁНИ // Интернаука: электрон. научн. журн. 2023. № 1(271). URL: https://internauka.org/journal/science/internauka/271 (дата обращения: 26.12.2024). DOI:10.32743/26870142.2023.1.271.350754

«МИФТАҲУ-Л-УЛУМ» АСАРИДА АРАБ ТИЛИДАГИ ҲАРФЛАР [ТОВУШЛАР]НИНГ ТУРЛАРИ БАЁНИ

Акмалхонов Акмалхон Аҳмад ўғли

PhD, Ўзбекистон Халқаро Ислом Академияси “Ўзбек тили ва мумтоз шарқ адабиёти” кафедраси ўқитувчиси, филология фанлари бўйича фалсафа фани доктори,

Ўзбекистон, Toshkent

Ниғмонов Абдулазизхон Сафиюлло ўғли

Ўзбекистон Халқаро Ислом Академияси “Ўзбек тили ва мумтоз шарқ адабиёти” кафедраси ўқитувчиси,

Ўзбекистон, Toshkent

Akmalxon Akmalxonov

PhD, Senior lecturer of the International Islamic Academy of Uzbekistan, Uzbekistan, Tashkent

Abdulazizxon Nig‘monov

PhD, Senior lecturer of the International Islamic Academy of Uzbekistan,

Uzbekistan, Tashkent

 

ANNOTATSIYA

Мазкур мақолада классик араб грамматикасининг ёрқин намояндаси Абу Яъқуб Саккокийнинг араб ҳарфлари ҳақидаги қарашлари «Мифтаҳу-л-улум» асари асосида ёритилган. Ўрта аср Хоразм арабшунослигининг йирик вакили Саккокий араб ҳарфларини асарнинг асосий бўлимлари бошланишидан аввал келтириб, батафсил баён қилади. Араб ҳарфларининг фонетик хусусиятларига кўра турларга бўлиб, хос хусусиятларини ёритган.

 

Калит сўз ва иборалар: Абу Яъқуб Саккокий, «Мифтаҳу-л-улум», жарангли ҳарф, жарангсиз ҳарф, мўътадил ҳарфлар, сирғалувчи ундош, истеъло ҳарфлар.

 

Абу Яъқуб Саккокий ўн икки илмни қамраб олган «Мифтаҳу-л-улум» асарида катта аҳамиятга эга мавзулар доирасида сўзни ташкил қилувчи энг кичик бирлик ҳарф ҳақида баҳс юритиб, ўзидан олдинги олимларнинг бу борадаги қарашларига таянган ҳолда, араб тилидаги ҳарфларни қуйидаги турларга тақсимлайди:  «Билингки, араб тилида 29 та ҳарф бўлиб, жарангли (الحروف المجهورة) ва жарангсизга (الحروف المهموسة) бўлинади» деб биринчи тақсимотда ҳарфларнинг аниқ сонини баён қилган [MU, 3b]. Сибавайҳи, Маҳмуд Замахшарий ҳам 29 та ҳарф эканлигини таъкидлаганлар [6: 431; 7: 339]. Даставвал, ҳарфлар сонининг келтирилишидан «alif» ва «hamza» алоҳида мустақил ҳарф эканлиги билдириш кўзда тутилган. Бу ўз ўрнида ҳарфларнинг сони 28 та деб айтувчиларга раддия ўлароқ араб тилида ҳарф 29 та эканлигини билдириш ҳисобланади.

Саккокий Сибавайҳи фикрига қўшилиб: «Менда ҳам шундай, мен эслатмоқчи бўлган нарса – жаранглилик ҳарф махражида [ҳосил бўлиш ўрни] нафаснинг тўсилиши билан,  жарангсизлик эса нафасни қўйиб юбориш билан ҳосил бўлади», деб ёзган.

Бу ўринда Саккокий ҳарфнинг жарангли ва жарангсизлигини баён қилиб, жарангли ва жарангсизларни талаффуз жараёнида товуш пайчаларининг тебраниши ёки тебранмаслигига кўра икки гуруҳга бўлди. Улар қуйидагича:

«Жаранглилар (менинг фикримча): «hamza», «alif», «qāf», «kāf», «jīm», «yā», «rā», «nūn», «ṭā», «dāl», «tā», «bā», «mīm», «vāv»  (و ،م ،ب ،ت ،د ،ط ،ن ،ر ،ي ج ،ك ،ق ،ا ،ء)» бўлиб, уларни ёдда сақлаб қолиш осон бўлиши учун қуйида жарангли ҳарфларнинг ҳар бири иштирок этган жумлани келтиради, мана у: قدك أترجم و نطايب (кулдириб, сенинг меъёрингда таржима қиламан) [MU, 3b]. Жарангсизлар ҳақида қисқача: «жаранглилардан ташқарилари», деб ёзган эди [MU, 3b].

Саккокийнинг жарангли ва жарангсиз ундошларнинг ҳосил бўлиши ҳақидаги қарашига ўхшаш фикрларни В.А.Звегинцев [3: 37], Н.Ахвледиани [2: 83], Н.Робакидзе [4:73], A.Шиде [5: 29] ва аксарият европалик олимларнинг асарларида кузатиш мумкин.

Саккокий кейинги ҳарфлар тақсимотига тўхталиб, қуйидагиларни ёзган: «Шунингдек, لم يروعنا – (бизни умуман қўрқитмади) жумласидаги «lām», «mīm», «yā», «rā», «vāv», «’аyn», «nūn», «alif»  ҳарфларида нафас тўпланмаса ва нафас қўйиб юборилиши бўлмаса, улар «мўътадил ҳарфлар (حروف معدلة)» деб номланади» [MU, 3b]. Нима  учун бундай номланганлиги ҳақида: «Бу ҳарфлар сирғалувчи ва портловчи ҳарфлар ўртасида бўлгани учун ҳам мўътадил ҳарфлар дейилади», деб ёзган [MU, 3b]. «Мўътадил ҳарф» деб номлаш Саккокийга хос бўлиб, Сибавайҳи ва Маҳмуд Замахшарий асарларида бундай номланиш учрамайди. Сибавайҳи бундай хусусиятга эга бўлган ҳарф сифатида Саккокий ва Маҳмуд Замахшарийдек саккизта ҳарфни эмас, бир «’аyn» ҳарфини келтирган [6: 435]. Маҳмуд Замахшарий бу ҳарфларни «портловчи ва сирғалувчи ўртасидаги ҳарф (هي االتي بين الشديدة والرخوة)» номи остида Саккокий келтирган «lām», «mīm», «yā», «rā», «vāv», «’аyn», «nūn», «alif» ҳарфларини келтирган [7: 340].

Саккокий ҳарфлар таснифида  «мўътадил ҳарфлар» ( حروف معتدلة) гуруҳини келтириб, алоҳида баён қилиши Сибавайҳи ва Маҳмуд Замахшарийдан бу борада илмий янгилиги ҳисобланади. 

Кейинги ҳарф гуруҳи ҳақида олим: «Агар ҳаво оқими тўсилиб талаффуз қилинса, улар портловчи ҳарфлар  (حروف الشديدة) ҳисобланади», уларни қуйидаги жумлада акс эттирган: «أجدك قطبْت (қовоғинг солиқ ҳолда топаман)» [MU, 4a]. Бу жумла таркибидаги «hamza», «jīm», «dāl», «kāf», «qāf», «ṭā», «bā», «tā» ҳарфлари Саккокий таъкидлаганидек, портловчи ҳарфлар ҳисобланади.

Портловчи ҳарфларни келтирганидан кейин, Саккокий уларнинг зидди бўлган сирғалувчи ҳарфларга  (حروف الرخوة) тўхталиб: «Агар ҳаво оқими тўсилмай сирғалиб ўтса, булар сирғалувчи ундош ҳарфлардир», уларни алоҳида баён қилмай: «Қолган ундошлар сирғалувчилардир» деб таъкидлаган [MU, 4a].

Олим бошқа тилшунослардан фарқли ўлароқ ҳарфларнинг ҳосил бўлишида анчайин чуқур билимга эканлигини унинг ҳарфларни баён қилиш усулидан билиб олиш мумкин. Шунингдек, қуйидаги веляризация ҳарфларига ёндашуви ҳам буни исботлайди.

Саккокий ҳарфларни тил ҳолатига кўра қуйидаги турларга ажратади. Улар: «истеъло (المستعلية) ҳарфлар», бундай ҳарфлар: «ṣā», «ḍād», «ṭā», «ẓā», «g‘ā», «xā», «qāf» (ص ض ط ظ غ خ ق) ва улардан бошқа мунхафид (المنخفضة) ҳарфларга  бўлади. Истеъло ҳарфларда тил (орқа томони) юқори қаттиқ танглайга кўтарилади. Мунхафид ҳарфларда эса бунинг акси», деб ёзган  [MU, 4a].

Бу ҳарфларнинг бўлиниши ҳосил бўлаётганда товушнинг йўғон ёки ингичкалигига кўра ҳисобланади. Оғизни тўлдириб, йўғон талаффуз қилинса, Саккокий айтганидек, улар «истеъло ҳарфлар» деб номланади. Оғизни ёйиб, ингичка талаффуз қилинса, улар мунхафид, яъни ингичка талаффуз қилинувчи ҳарфлардир. 

Муаллиф фикрида давом этиб, қуйидагиларни ёзган: «Агар тил юқори қаттиқ танглайни қоплаб олса, бундай ҳолда  ص ض ط ظ ҳарфлари ҳосил бўлади. Улар «итбоқ ҳарфлари (الحروف المطبقة)», бу ҳарфлардан бошқалари «мунфатиҳ ҳарфлар (الحروف المنفتحة)», деб аталади» [MU, 4a]. 

Олим ҳарфларнинг ҳосил бўлиш ўрнига кўра, тилнинг ҳолатига кўра гуруҳларга бўлиб, уларнинг талаффуз ўринларини баён қилди. Бундан ташқари ёдда сақлаб қолиш осон бўлиши учун тегишли ҳарфлар қатнашган жумлаларни келтиради. Ҳарфларни бу тартибда ўрганиш араб тилшунослигида тажвид олимларига хос ҳисобланади. Саккокий бу борада чуқур билимга эга эканлигини намоён этган.

Бундай тизимда бўлиш фақат тажвид илмига тааллуқли бўлиши билан бир қаторда сарф илмида ҳам муҳим саналади. Сўз ҳосил қилиш жараёнида содир бўладиган ҳазф, идғом, бадал каби ҳодисаларда ҳарфларнинг бундай тизимли бўлиниши муҳим рол ўйнайди. Шуларни эътиборга олган ҳолда Саккокий батафсил келтирди.

Сўз ҳосил қилишдан олдин ҳарфларнинг бундай тизимли гуруҳларга бўлиб олиш усули бошқа олимларда кам кузатилади. Саккокийнинг бундай ёндашуви мукаммал усулга эга эканлигидан ҳисобланади. Сўзларнинг ҳосил қилиниши ҳарфларсиз бўлмайди. Шунинг учун ҳам Саккокий уларнинг хусусиятларини батафсил келтирди. Шу йўналишда давом эттириб, ҳарфларнинг ҳосил бўлиш ўринлари ўн олтита эканлигини Сибавайҳидан нақл қилиб, уларнинг ҳар бирини ёзган [қаранг: MU, 4a]. Ҳарфларнинг ҳосил бўлиш ўринлари (مخارج الحروف) кўпроқ тажвид илмида муҳим ҳисобланади. Араб ҳарфларининг бу каби тақсимотида Саккокийнинг ўзига хос баён усулига эга эканлиги, Қуръон Карим қироатида моҳир эканлиги намоён бўлади. Шулар билан бир қаторда, олим келтирган ҳар бир илмий хулосада муаййан бир манбага тайанганлиги маълум бўлади.

 

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. MU – Имом Абу Яъқуб Юсуф ибн Абу Бакр ибн Маҳаммад Саккокий. Мифтаҳу-л-улум. Анқара Milli Kütüphanesi. Қўлёзма 26 Hk 192 рақам. – 244 в.
  2. Ахвледиани В.Г. Арабское языкознание средних веков. История лингвистических учений. Средневековый восток. –Ленинград, 1981. – 240 c.
  3. Звегинцев В.А. История арабского языкознания. Краткий очерк. -М.: МГУ, 1958. -80 с.
  4. Робакидзе Н. Фонетическая концепция аз-Замахшари. – Тбилиси, 1984. –122 с.
  5. Schaade A. Sibawaihis Lautlehre. – Leiden, 1911. 32 p.
  6. أبو بشر عمرو بن عثمان بن قنبر. تحقيق عبد السلام  محمد هارون. كتاب سبويه. مكتبة الخانجي. 1988. صفحة 494.
  7. العلامة  محمود بن عمر الزمخشري. تحقيق الشربيني شريدة. المفصل في صنعة الاعراب. – القاهرة. دار الحديث. 2013. صفحة 359.